MACGA LLC вакили билан ҳамкорликни муҳокама қилинди
2026-10-23 14:05:00 / Янгиликлар

MACGA LLC ташаббуси АҚШда етиштирилган пахтани Ўзбекистонда чуқур қайта ишлаш, маҳаллий тўқимачилик корхоналарида қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни Америка бозорига етказиб беришга қаратилган. Ушбу ёндашув АҚШ пахта етказиб берувчилари, харидорлари ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини шакллантиришни назарда тутади.
Лойиҳа доирасида ип-калава, трикотаж ва тўқима матолар, уй тўқимачилиги маҳсулотлари ҳамда тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш йўналишларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Бунда маҳсулот турларини Америка бозоридаги талаб, харидорлар эҳтиёжи ва иқтисодий самарадорликдан келиб чиқиб белгилаш муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда вилоятда фаолият юритаётган тўқимачилик корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватлари, мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш, уларга янги буюртмалар жалб этиш ва ташқи бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан узоқ муддатли савдо муносабатларини йўлга қўйиш, маҳсулотларнинг сифатини халқаро талабларга мослаштириш, етказиб бериш занжирларини шакллантириш ва аниқ харидорлар билан ишлаш муҳимлиги таъкидланди.
MACGA ташаббуси доирасида Ўзбекистондаги тўқимачилик корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишиш ва ўзаро англашув меморандумларини имзолаш бўйича ишлар ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, 2026 йил октябрь ойида Global Textile корхоналар гуруҳи ва MACGA ўртасида 35 миллион долларлик ўзаро англашув меморандуми имзолангани ушбу йўналишдаги ҳамкорликнинг муҳим босқичларидан бири бўлди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов бундай ҳамкорлик ташаббуслари маҳаллий корхоналар учун янги бозорларни очиш, экспорт ҳажмини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига янги буюртмаларни жалб этиш ва қўшимча иш ўринлари яратиш нуқтаи назаридан муҳим эканини қайд этди.
Мулоқот давомида таклифларни амалий жиҳатдан ўрганиш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқлаштириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан америкалик ҳамкорлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Асосий эътибор хомашёни чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулот экспортини кенгайтириш ва ўзаро манфаатли савдо муносабатларини шакллантиришга қаратилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, маҳаллий тўқимачилик корхоналарининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, Бухорода ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни Америка бозорига етказиб бериш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Мазкур ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилиши вилоят тўқимачилик саноатига янги буюртмаларни жалб қилиш, қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда халқаро савдо алоқаларини мустаҳкамлаш учун муҳим имконият бўлиб хизмат қилади.

