Япония компанияси билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди
2026-10-23 10:50:00 / Янгиликлар

Учрашувда Фарғона вилоятида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, илғор япон технологияларини жорий этиш ҳамда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари сўнгги йилларда изчил ривожланиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди. Шунингдек, япон ишбилармон доираларининг Фарғона вилоятига қизиқиши ортиб бораётгани, ҳудудда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Япониялик меҳмонлар ташрифдан кўзланган асосий мақсад “Фарғонаазот” АЖ ҳамда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти билан яқиндан танишиш, корхоналар раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш ва ҳамкорликда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ўрганишдан иборат эканини маълум қилдилар. Шунингдек, мазкур корхоналар фаолиятини ривожлантириш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Вилоят ҳокими ушбу икки йирик саноат корхонаси ҳудуд иқтисодиётида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, уларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш, модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган инвестиция ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Шунингдек, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда вилоят ҳокимлиги томонидан ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатилиши ва ташаббуслар қўллаб-қувватланиши билдирилди.
Учрашув якунида ҳамкорликни изчил давом эттириш, янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш бўйича ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
