Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда халқаро ҳамкорлик
2026-10-23 09:10:00 / Янгиликлар

Учрашувларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Беларус Республикаси Бош вазири ўринбосари Наталя Петкевич билан кечган учрашув аёллар бандлигини таъминлаш ва меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш мавзусига бағишланди. Томонлар фарзанд парваришидан сўнг аёлларнинг касбий фаолиятга қайтишига кўмаклашиш, шунингдек, икки давлатнинг касбий таълим муассасалари ва иш берувчилари иштирокида қисқа муддатли малака ошириш дастурларини ишлаб чиқиш масаласини муҳокама қилди.
Туркия Республикаси Оила ва ижтимоий хизматлар вазири Маҳинур Ўздемир Гўкташ хоним билан учрашувда жорий йил 29–30-октабр кунлари Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўтказиладиган Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича Олий фахрий кенгашнинг биринчи йиғилишига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий иштирокини қўллаб-қувватлаш ҳамда зўравонликнинг барча турларига қарши курашиш борасида тажриба алмашилди.
Сербия Республикасининг гендер тенглиги ва хотин-қизлар масалалари бўйича вазири Татжана Мацура билан мулоқот давомида 2027-йилда Белград шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Сербия–Ўзбекистон аёллар бизнес-форуми ҳамда “EXPO–2027” халқаро кўргазмасига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Сербия томони Нью-Йорк шаҳрида ўтадиган БМТнинг Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиясининг 71-сессияси (CSW71) доирасида амалга ошириладиган лойиҳасида Ўзбекистоннинг ҳам иштирок этиши ва мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаши юзасидан таклиф билдирди.
Миср Президенти ҳузуридаги Оналик ва болалик масалалари бўйича миллий кенгаш раиси Саҳар Фавзи ал-Сонбати билан мулоқотда меҳмонлар оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги мамлакатимиз тажрибасига қизиқиш билдирди. Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш ва мазкур соҳада ҳамкорлик қилиш мақсадида йўл харитасини имзолаш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Миср томони эрта никоҳнинг олдини олиш ва оила институтини мустаҳкамлашда ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди.
Учрашувлар якунида Ўзбекистоннинг мазкур давлатлар билан хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги амалий ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш таъкидланди.


